Фарғона давлат техника университети ректори, профессор Саломов Ўктам Раҳимовичнинг 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан


ТАБРИК НУТҚИ

Ҳурматли устозлар, профессор-ўқитувчилар, университетимизнинг меҳнатсевар ва фидойи жамоаси!

Юртимизда кейинги йилларда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ва ўз самарасини бераётган қатор ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг орасида таълим соҳаси, унда фаолият юритаётган ўқитувчи ҳамда мураббийларга кўрсатилаётган муносабат ва қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 15-сентябр куни  республикамизда фаолият юритаётган 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар билан видео алоқа орқали учрашув ўтказганида, сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсганини қайд этаркан, шу муддат давомида таълим ва илм-фан соҳасига ҳаражатлар 6 карра оширилиб, 378  триллион сўм маблағ ажратилганини маълум қилди. Бу эса таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ҳамда яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишидан далолат беради.  

15-сентябрдаги йиғилишда Президентимиз устоз ва мураббийларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ташаббусларни илгари сурди. Энди янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади. Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади.

Устоз ва мураббий мақоми давлат томонидан эндиликда ўзининг юксак баҳосини олаётган, қадр-қиймати шараф билан кўтарилаётган бўлса, халқнинг онги ва юрагидаги ўрни минглаб йилларга, узоқ асрларга бориб тақалади.

Тарихдан маълумки, ўзбек халқи барча замонларда устозлик мақомига чуқур эҳтиром, меҳр ва ҳурмат билан муносабатда бўлган. Соҳибқирон Амир Темурнинг устози Мирсайид Баракага теран меҳр қўйгани, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хожа Илғор Валийга бўлган ўзгача ҳурмати ҳақида тарих асрлар давомида сўзлаб келади. Ўзбек халқи тарихида қайси олиму фузалонинг ҳаётига мурожаат қилмайлик, унинг дунёқараши ва шахсияти шаклланишида, илм-у урфон ёки сўз бўстони ичида ўз ўрнини топишида устозининг ўрни мустаҳкам бўлганини кўрамиз. Бекорга ўзбек халқида “устоз отангдек улуғ” дейилмаган. Зеро, ота-она бир парча гўшт бўлган фарзандни дунёга келтирса, устоз маънавий ва маърифий жиҳатдан уни шакллантириб, жамиятга қўшади.
Қолаверса, Президентимиз ҳам 23-сентябрь куни Нью-Йоркдаги Бирлашган миллатлар ташкилоти қароргоҳида БМТнинг 80-чи юбилей сессиясида сўзлаган нутқида буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятида эканлигини билдиргани ўзбек халқининг устозлик мақомига нисбатан чуқур ҳурмат ва меҳр-муҳаббатидан дарак беради.

Шуларни инобатга олган ҳолда, устозлик мақоми ва қисматини танлаганларинг учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдиришга ва 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан барчангизни чин қалбимдан муборакбод этишга изн бергайсиз! Барчангизни бу қутлуғ сана билан табриклар эканман, сизларга мустаҳкам соғлик, бахт-у саодат, оилавий хотиржамлик, касбий ютуқ ва муваффақиятлар доимий ҳамроҳингиз бўлишини тилайман!

Фарғона давлат техника университети

ректори, профессор                                                                Ў.Р. Саломов

Foydali havolalar

Farg'ona davlat texnika universiteti